Қарши туманидаги қишлоқлардан бирида содир бўлган воқеа “Ҳуқуқ” газетасида ёритиб берилди.

Бир гуруҳ ёши катта синфдошлар тўпланиб, Lacetti машинасида далага кетаётганида у ерда Matiz машинаси ичида қишлоқдошлари, улардан анча ёш Илҳом исмли йигит бир қиз билан ўтирганини кўриб қолишди. Эркаклар машинага яқинлашиб, бу қизнинг кимлигини сўраб, йигитга таҳдид қила бошлашди. Йигит машинада қочиб кетди, аммо безорилар унга етиб олиб, калтаклашди. Сўнг ушбу воқеа қишлоқдагиларнинг қулоғига етиб бориб, қиз шарманда бўлмаслиги учун Илҳомдан 200 минг сўм пул тама қила бошлашди.

Илҳом уларга 100 минг сўм бериб, телефонини гаровга бериб кетди. Аммо уйга қайтгач, еган калтак зарбидан соғлиғи ёмонлаша бошлади. Шунда у ота-онасига бўлган воқеани айтиб берди.

Натижада жиноятчилар судга тортилди. Рустам Худойназаров, Илҳом Қувондиқов, Ботир Алланазаровларнинг ҳар бирига узил-кесил ўташ учун 5 йил, Беҳзод Боировга эса 2.5 йил мухлат белгиланди.