Туркия сайёҳлик ширкати илк бор 100 фоиз ҳалол дейилаётган кема саёҳатини таклиф қилмоқда.

Хабар қилинишича, ушбу денгиз саёҳатига кўпроқ диндор мусулмонлар эътиборини тортиш кўзланган.

Daily Sabah нашрининг ёзишича, денгизга сафарини 25 сентябрь куни Измир шаҳридан бошлайдиган саёҳатчилар фақат аёллар ва ёки фақат эркаклар фойдаланишлари мумкин бўлган туркча ҳаммомлар ҳамда спорт залларидан баҳраманд бўлишади. Бу саёҳат 2 октябргача Эгей денгизини кезиб, Пирей, Крит ва Родос портларида тўхтайди.

Шунингдек, Эгей денгиз бўйлаб ҳаракатланадиган ушбу кемада қимор ўйнашга, спиртли ичимликлар ва чўчқа гўшти маҳсулотлари сотишга рухсат берилмайди.

"Кемамиз деворларида Исломий қадриятларга ёт бўлган суратлар ҳам йўқ", деб айтган лойиҳа бошқарувчиси Гўкмен Айдиналп Онадўли хабар агентлиги билан суҳбатда.

"Усмонлилар изидан" деб номланган 1 ҳафталик денгиз саёҳати давомида саёҳатчилар Родос ва Крит оролларини томоша қилишади.

"Бу фақат алкоголь ёки чўчқа гўшти маҳсулотларидан холи кемагина эмас. Бу маданий ва тарихий масканлар бўйлаб саёҳат бўлади", дейди саёҳатни ташкил қилаётган агентлик (Fusion Tour) раҳбари Камол Гунай.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Туркияда ҳалол сайёҳлик бизнеси гуллаб-яшнамоқда. Мамлакатда мусулмонлар талабларига мос озиқ-овқатлар, фақат аёллар фойдаланишлари мумкин бўлган ҳовузлар ва соҳиллар таклиф қилувчи меҳмонхоналар сони ортган.