Хитойда тергов остида бўлган коррупциячиларни қийнаш тақиқланди

Жаҳон 08 Август 2015 1312

Хитой прокуратураси ходимлари тергов қилинаётган коррупциячилар ўз жонларига қасд қилганлари учун жазоланишади. Бу ҳақда The South China Morning Post нашри хабар бермоқда.

Олий халқ прокуратураси баёнотида айтилишича, агар порахўрликда гумон қилинаётган шахс терговчининг “қонунга ғилоф ва масъулиятсиз ҳаракатлари оқибатида қочиб кетса, ўзига зиён етказса ёки жонига қасд қилса”, унда терговчининг ўзи қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Бундан ташқари, прокуратура ходимларига тергов остида бўлган компаниялар вакилларидан пул олиш, мажбурлаш чораларини қўллаш ва тергов давомида қийноқлар қўллаш тақиқланади.

Шу тариқа Олий халқ прокуратураси тергов остида бўлган порахўрлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини тўхтатишга ва гумон қилинаётганларнинг ўлимига олиб келувчи қийноқлар қўлланишини истисно қилишга ҳаракат қилмоқда. Порахўрликда шубҳа остига тушган амалдорлар жиноий иш қўзғатилишидан ва бунинг оқибатида ўз оилаларининг ночор аҳволга тушишига олиб келадиган ноқонуний йўл билан олинган мул-мулклари мусодара қилинишидан қочиш мақсадида кўпинча ўз жонларига қасд қилиш ҳолатлари учрайди. Бунга йирик давлат корпорацияларидан бири У Фушэннинг ўз жонига қасд қилиши яққол мисол бўла олади. У ўзининг ишчи хонасига терговчиларнинг биринчи ташрифидан кейиноқ ўзини осиб қўйган.

Баъзида эса порахўрликда гумон қилинаётганлар терговчиларнинг ҳаддан ташқари сайъ-ҳаракатлари қурбонига айланадилар: 2013 йилда давлат компаниясининг тергов остида бўлган амалдоридан кўрсатмалар олишга ҳаракат қилиб уни бехосдан чўктириб юборган Вэньчжоу шаҳри прокуратурасининг ходимлари қамоқ жазосига тортилган эди. Умумий ҳисобда 2012 йилдан шу кунгача тергов давомида 50 дан кўпроқ юқори лавозимдаги партия ва ҳукумат мансабдор шахслари ўз жонига қасд қилганлар ёки тергов пайтида ҳалок бўлганлар.

Кўпроқ янгиликлар