“Пахтакор”-“Қўқон-1912” учрашувида рақамланмаган лоточипталар сотилди. Бу ҳақда тошкентлик мустақил журналист Бобомурод Абдулла Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
Айтилишича, 8 август куни ўтказилган учрашувда у дўсти билан 32-секторда ўтирган. Учрашувнинг биринчи тайми якунига етгач, одатдагидек “Пахтакор”да лотерея ўйини бошланган. Аммо текширилганда унинг таниши кассадан харид қилган чипта рақамланмагани аниқланган. Секторда ўтирганларнинг каттагина қисми ҳам ўз чипталари рақамланмаганидан нолиган.
Таъкидланишича, 32-секторда асосан “Қўқон-1912”нинг мухлислари ўтирган.
“Воҳадан келган меҳмон “Пахтакор” стадионига умрида биринчи марта ташриф буюрганида шундай дилхиралик юз берганига ачинди. Стадиондан чиқаётганимизда у машҳур клубдан ҳам, унинг стадионидан ҳам сал кўнгли қолгандек кўринди”, – таъкидлади журналист.