Ўтган кеча Ҳиндистоннинг шимолидаги Химачал-Прадеш штатида жалалар оқибатида юз берган тошқин ва ер кўчишлари оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда қутқарув ишларини олиб бораётган Ҳиндистон Табиий офатларга жавоб берувчи миллий кучлари маълум қилди.

Қутқарувчилар ўнлаб бедарак йўқолган одамлар ҳақида маълумотлар олмоқдалар.

Тошқинлар оқибатида 3 минг оила ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Штатдаги 50 га яқин бино ва юзлаб гектар экин майдонлари сув остида қолди. Манали-Киратпур трассасининг бир неча қисми вайрон бўлган ва сув остида қолган.  

Ёғингарчилик миқдори кескин равишда ортиб кетувчи муссон ёмғирлар мавсуми мамлакатда бир ой аввал бошланган эди. Охирги икки ҳафта ичида мамлакатнинг турли вилоятларида тошқинлар қайд этилмоқда. Дарёлар тошиши Химачал-Прадеш штатидан ташқари Гужорот, Джамму ва Кашмир, Уттаракханд ва Уттар-Прадеш штатларида ҳам содир бўлмоқда.

Ҳиндистонда муссонлар мавсуми одатда сентябрь ўртасигача давом этади.