Канадалик таниқли хоккей мураббийи Россия фуқаролиги олиши мумкинлигини истисно қилмаяпти

Спорт 09 Август 2015 1515

Канадалик машҳур хоккей мураббийи Майк Кинэн Россия фуқаролигини олиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Айни пайтда Кинэн Магнитогорскнинг “Металлург” хоккей жамоасига мураббийлик қилмоқда.

“Яқинда “Металлург” вице-президенти Геннадий Величкин билан меннинг Россия фуқаролиги олишим бўйича суҳбат бўлиб ўтди. Бу ҳазил эмас, жиддий суҳбат бўлди. Мен Россияда яшаётганим ва ишлаётганимдан хурсандман ва бу ҳақда келгусида ўйлаб кўриш мумкин. Ҳеч ким бу албатта бўлади, мен бундай қарорни қабул қилиб бўлдим деяётгани йўқ, бироқ бундай имкониятни ўрганиб чиқиш қизиқ бўларди”, деб айтмоқда 65 ёшли мутахассис.   

Кинэн “Металлург”да 2013 йилдан бери ишлаб келмоқда. У 2014 йил Гагарин кубогини қўлга киритган. Шунингдек, мураббий ҳисобида 1994 йилги Стэнли кубогида “Нью-Йорк Рейнжерс” жамоаси билан ғалаба ҳам бор. Кинэн, шунингдек, «Филадельфии», «Чикаго», «Сент-Луис», «Ванкувер», «Бостон», «Флорида» ва «Калгари» жамоалари билан ҳам ишлаган. 

Кўпроқ янгиликлар