2014-2015 ўқув йилида Бухоро вилояти умумтаълим мактабларининг 9-синфини 26 759 нафар ўқувчи битирди. Улар кейинги таълимни академик лицейларда ва касб-ҳунар коллежларида давом эттириши кўзда тутилган. Аммо ушбу жараёнда улардан айримлари порахўрлик ҳолатларига дуч келди.

Вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Собир Қурбоновнинг таъкидлашича, ўқувчиларни коллежларга қабул қилиш давомида бир қанча ҳолатларда мансабдор шахсларнинг улардан пул тама қилиши кузатилган. Аниқланган ҳолатлар бартараф қилиниб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Жумладан, Бухоро иқтисодиёт ва банк касб-ҳунар коллежининг маслаҳат маркази раҳбари Ж. Жумаева 9-синф битирувчиси Д. Зариповнинг ҳужжатларини қабул қилиш эвазига ундан 200 доллар пора олаётган пайтда жиноят устида қўлга тушди.
Бундан ташқари, коллеж битирувчиларига дипломлар беришда содир этилган коррупция ҳолатлари қайд қилинди.

Шундай ҳолат Бухоро автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежида ҳам кузатилди: гуруҳ раҳбари О. Исҳоқов диплом бериш эвазига коллеж битирувчиси С. Жумаевдан 150 минг сўм пора олаётганида қўлга тушди.

Тилга олинган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.