Чехия Республикаси 2016-2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси учун учта давлат стипендияси тақдим қилади. Бу ҳақда Чехининг Тошкентдаги элчихонасида маълум қилинди.

Ўзбекистонлик талабалар Чехия ҳукуматининг 2012 йил 25 апрелдаги ривожланаётган давлатлар талабаларига 2013-2018 йиллар мобайнида давлат (ҳукумат) стипендиялари тақдим қилиш стратегиясини белгиловчи қарори асосида Чехияда таълим олиш имкониятига эга бўладилар.

Стипендиялар чех тилида бакалавр (3-4 йиллик) ёки тўлиқ магистр (4-6 йиллик) ўқув дастурлари бўйича таълим олиш учун тақдим қилинмоқда. Таълим йўналишлари қишлоқ хўжалиги, техник, иқтисодиёт ва тиббий мутахассисликларини ўз ичига олади.

Стипендиялар ва уларнинг тақдим қилиниши бўйича батафсил маълумот билан Чехия Таълим, ёшлар ва жисмоний ривожланиш вазирилиги интернет-саҳифасида ёки Чехиянинг Тошкентдаги элчихонаси сайтида танишиш мумкин.