АҚШнинг Гавана элчихонасида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг илиқлашувига қарши акция уюштирганларнинг 90 нафар фаоли Куба хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги хабар бермоқда.

АҚШ ва Кубанинг ярим аср муқаддам узилган дипломатик алоқалари 20 июлдан расман қайта тикланди. Шу куни Вашингтон ва Гаванада элчихоналар очилди. АҚШнинг Кубадаги элчихонаси устида байроқ расман 14 август куни кўтарилади. АҚШнинг Гаванадаги элчихонасига вақтинчалик Жеффри ДиЛорентис бошчилик қилиб туради. АҚШ байроғи ушбу мамлакатда 56 йилдан буён биринчи марта кўтарилади.

Бу ҳолатга айрим фаол гуруҳлар норозилик билдириб келмоқда. Улар биринчи навбатда Кубанинг амалдаги ҳокимиятига қарши чиқиб, АҚШдан ушбу давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўришни талаб қилган.

Қўлга олинганларнинг 50 нафари Damas de Blanco (Оқ кийимли аёллар) диссидент аёллар ноҳукумат ташкилоти вакилларидир. Уларнинг айримлари юзларига АҚШ президенти Барак Обаманинг ниқобларини тақиб олишган эди. Ҳаракат раҳбари Берта Солернинг айтишича, қўлга олинганларнинг барчаси тўрт ярим соатдан сўнг қўйиб юборилган.