Москвада ўз маърузаларида “ИШИД” террорчилик гуруҳининг фаолиятини қоралаган тожик диншуноси Хайриддин Дўстаковга ҳужум қилинди. Жабрланувчи пичоқдан олинган жароҳатлар билан оғир аҳволда шифохонага ётқазилди. Бу ҳақда Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот котиби Муҳаммад Эгамзод маълум қилди.

Эгамзоднинг айтишича, 7 август кечки пайт бир неча номаълум шахслар Дўстаковга “Рязанский проспект” метро станцияси яқинида ҳужум қилган. Жиноятчилар Дўстаковга бир нечта оғир пичоқ жароҳатлари етказган. Шундан кейин жабрланувчи Склифосовский номидаги тиббий ёрдам институтига олиб кетилган. Шифокорларнинг айтишича, жабрланувчининг аҳволи оғир, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишига умид бор.

2014 йилда Дўстаков яшаган хонадонга автомат билан қуролланган ниқобли одамлар кириб, диншуносдан компьютер ва пулларини тортиб олишган. 2012 йилнинг мартида эса Дўстаков номаълумларнинг ҳужуми оқибатида бош мия чайқалиши жароҳати олган эди.

Дўстаков Москвадаги Тинчлик кўчасида жойлашган жомеъ масжидида маърузалар ўқийди. У ўзининг маърузаларида террорчилик хавфи ҳақида гапириб, “ИШИД”нинг фаолиятини қоралайди. Диншунос, шунингдек, “Тожик меҳнат муҳожирлари” умумроссия жамоатчилик ҳаракатининг кўнгиллиси ҳисобланади.