Хитойнинг энг йирик ахборот агентлиги бўлган Синьхуа барнауллик дизайнерлар томонидан яратилган 2 минг рубллик купюрани ҳақиқий деб ҳисоблади. Бу ҳақда “Российская газета” ёзмоқда.

“Владивосток 2000” банкнотаси расми Суйфэньхэ шаҳрида Россия валютаси расман рухсат этилганлиги ҳақидаги хабарга жойлаштиришди.

Купюра дизайнерлар томонидан 2015 йил февралида “Мумий Тролль” рок гуруҳининг шу номдаги қўшиғидан илҳомланиб яратилган. Банкнотанинг юз томонида Золотой Рог бухтасидан ўтадиган кўприк, Владивосток герби ва “Манджуръ” елканли кемаси тасвирланган. Орқа томонида эса Владивосток фуникулёри туширилган.

Купюра дизайнерлари уни Change.org сайтига жойлаштириб, уни Россия ҳудудида истеъмолга киритиш ҳақидаги петиция очишди. Ҳозирча уни 7.1 минг киши имзолади. Петиция федерал экспертлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилиши учун уни интернетда камида 100 минг киши имзолаши талаб қилинади.