2015 йил 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори имзоланган эди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худайбердиев ўзининг Xushnudbek.uz сайтида батафсил маълум қилди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Низомга кўра, хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни банкда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоб рақами очганидан сўнг амалга ошириши мумкин.
Шунингдек, Низомга қайси фаолият тури билан шуғулланаётган хусусий тадбиркорлар неча нафаргача ходим ёллаши мумкинлигини белгиловчи рўйхат ҳам илова қилинган бўлиб, унга кўра, фаолият турларига қараб, бир нафардан уч нафаргача ходим ёллаши мумкин.

Бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган хусусий тадбиркор, фаолият турлари сонидан қатъи назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.
Ходимни ёллашда (ишга қабул қилишда) хусусий тадбиркор у билан махсус шаклга мувофиқ ёзма меҳнат шартномасини тузиши, меҳнат шартномаси муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги кераклиги қайд этилди.

Низомда келтирилишича, ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Бироқ хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилиши белгиланди.