Японияда 2013 йилдан буён илк маротаба ядро энергиясидан фойдаланиш бошланади. Kyushu Electric Power компанияси «Сендай» АЭСдаги дастлабки реакторни 11 август куни ишга туширишини маълум қилди.

Reuters ахборот агентлигининг хабар қилишича, реактор Токиодан тахминан минг километр узоқликда жойлашган бўлиб, Kyushu Electric Power компанияси иккинчи реакторни октябрь ойида ишга туширишни режалаштирган.

Британия Қироллик коллежи катта илмий ходими Малкольм Гримосоннинг фикрича, япон ҳукумати нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш харажатларини камайтирмоқчи, балки дунёга мамлакат атом электр станцияларидан хавфсиз фойдалана олишини ҳам кўрсатмоқчи.

Бироқ кўпчилик японияликлар 2011 йил март ойида «Фукусима» АЭСда юзага келган ҳалокат туфайли мамлакатда ядро реакторларининг қайтадан ишга туширилишига қарши чиқишмоқда. Ўшанда атмосферага радиоактив моддаларнинг чиқариб юборилиши сабабли 160 мингдан зиёд аҳоли ўз уйларини ташлаб кетишига тўғри келган, 2013 йилнинг сентябрь ойида эса мамлакатдаги барча 48 та АЭС реакторлари ўчирилган эди.