Shell Нидерландия-Британия нефть-газ қўшма компанияси “Газпром” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалардаги иштирокини қайта кўриб чиқади. Reuters агентлигининг ёзишича, бунга Россияга қарши ўрнатилган иқтисодий ва сиёсий чекловлар сабаб бўлмоқда.

Икки йирик компания 2015 йилнинг июнида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. Келишув активлар алмашиш, ҳамкорликда геологик разведка ўтказиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишни назарда тутади.

Хусусан, компаниялар “Сахалин-3” номи билан машҳур Жанубий Кирин конини ҳамкорликда юритмоқчи эди. Бу лойиҳа компаниялар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналиши бўлиши кутилаётган эди. Аммо эндиликда Shell ушбу лойиҳадаги иштирокини қайта кўриб чиқмоқчи.

“Бу Shell учун ишорадир – янги лойиҳаларда иштирок этманг, борлари билан шуғулланинг”, – деди “Газпром”нинг Сахалин лойиҳалари билан шуғулланувчи вакили.