Москванинг "Динамо" жамоасининг франциялик яримҳимоячиси Матье Вальбуэна Францияга қайтмоқда.

L`Equipe нашрининг хабар беришича, 30 ёшли футболчи "Лион"да тиббий кўрикдан ўтиш учун Францияга учиб кетган.

Нашрда ёзилишича, Вальбуэна "шерлар" билан 3 йиллик шартнома имзолайди. У бу жамоада йилига 5-6 млн евро маош олади.

Маълумот учун, 2014 йилнинг ёзида "Марсель"дан "Динамо"га келган Вальбуэна ўтган мавсумда Россия чемпионатида 25 учрашувда майдонга тушиб, 4та гол урди ва 11та голли узатмани амалга оширди. У янги мавсумдаги 4 тур давомида ҳам 2та гол ва 2та голли узатма муаллифи бўлишга улгурганди. Хусусан, 9 август куни 4 тур доирасида "Анжи"га қарши ўйинда унинг голи москваликларга мавсумдаги илк ғалабани тақдим этганди.

"Динамо" ўтган мавсум сўнгида молиявий муаммоларга учраган ва бир қатор футболчилар, жумладан Кевин Кураньи жамоани тарк этган.