Германиянинг Хайдельберг шаҳрида ИТ-мутахассис ноутбук орқали шифохоналардан биридаги тиббий қурилмага масофадан уланиб, уни бошқаришга муваффақ бўлди. Spiegel журналининг маълум қилишича, бу қурилмаларнинг заиф ҳимояси унга ёвуз ниятли кимсалар уланганда беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини кўрсатишга қаратилган тажриба доирасида амалга оширилди.     

“Хакер ўзининг ноутбуки ёрдамида сунъий нафас олиш жараёнини тўхтатиб, қурилманинг барча функцияларини тўсиб қўйишга муваффақ бўлди”, деб ёзмоқда журнал.

Ушбу “ҳужум” оқибатида беморга ҳеч қандай шикаст етказилмади. Мутахассис тиббий ускунанинг заиф ҳимояси ва унга “бузиб кириш” имконини аниқлаш мақсадида шифохона томонидан махсус ёлланди.

Тажрибани ўтказганлар хакерлик ҳужуми уюштирилган тиббий ускуна ишлаб чиқарувчиси номини ошкор этишмаяпти. Шу билан улар ушбу компанияга ҳимоя тизимини такомиллаштиришга имкон беришмоқда.

Аввалроқ антивирис дастурлари ишлаб чиқарувчи McAfee компанияси мутахассислари тиббий қурилмаларнинг ҳимояси заифлигидан огоҳлантиришган эди. Ўшанда гап кардиостимуляторлар ва инсулин помпалар ҳақида кетганди. Мутахассислар хакерлар ушбу қурилмаларга кўпчилик қурилмалар томонидан қўллаб-қувватланадиган радиосигнал ёрдамида улана олишларини таъкидлаган эдилар