Наманган шаҳрида вилоят миқёсидаги бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур ярмарка Наманган вилоят ҳокимияти, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ярмаркада нафақат касб ҳунар коллежлари битирувчилари, балки узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга катта кишилар ҳам иштирок этиб, таклиф этилган бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларга эга бўлишди.

Тадбир очилишига бағишланган маросимда сўз олганлар айни пайтда аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат бозорини назорат қилиш бўйича тизимли ва аниқ ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб ўтишди. Вилоятда доимий асосда бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилиб, ўрта махсус, касб ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, ёшларни ташкилот ва муассасалар тўғрисидаги ахборотлардан хабардор қилиш масаласига, айниқса, катта эътибор қаратилмоқда. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилиб, Наманган, Фарғона, Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида муваффақиятли синовдан ўтган, шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Ўз бизнесини бошлаш учун очиқ эшиклар кунлари” акциясига ижобий баҳо берилиб, битирувчиларнинг бизнес ғояларини имтиёзли шартлар билан тижорат банклари кредитлари билан таъминлаш таклиф қилинаётгани таъкидланди.