Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб ўрта махсус таълим муассасаларида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ташаббуси билан “Шахсий бизнесни бошлаш учун очиқ эшиклар куни” уюштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабар берган.

Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур тадбирга тижорат банклари, туман ҳокимиятлари, солиқ инспекциялари ва маҳалла қўмиталаридан вакиллар ҳам жалб қилинмоқда.

Тадбирдан асосий кўзланган мақсад тижорат банклари, туман Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси, Солиқ инспекцияси, Аҳоли бандлиги маркази, Савдо-саноат палатаси, Давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш маркази, маҳалла қўмитаси ва Хотин-қизлар кенгаши, шунингдек, майда ускуна ва технологияларни етказиб берувчи корхоналарнинг вакилларини биргина таълим муассасасига жамлаш ҳисобланади. Мазкур ташкилот вакиллари ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларга шу ернинг ўзида керакли ҳужжатларни расмийлаштириб беришади.

Шу тариқа, ҳар бир коллежда турли майда ускуналар ва маиший техника намуналари билан безатилган стендлар ташкил этилмоқда. Мазкур стендларда кичик нонвойхона, тикув цехи, фотосалон, тамаддихона, кафе, гўзаллик салони, автомобил ювиш шоҳобчаси, қурилиш ва таъмирлаш корхоналарини ташкил этишда керак бўладиган техника ва анжомлар мавжуд. Буларнинг бари янги бизнес бошлаш учун керак бўладиган анжомларни битирувчилар шу ернинг ўзида харид қилишлари учун қилинмоқда.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси ходимлари ёшларга ўз бизнесларини рўйхатга олишда кўмак кўрсатаётган бўлсалар, солиқ инспекцияси ходимлари ёш тадбиркорларни солиққа оид қонун-қоидалар билан таништириш билан бир қаторда, айни вақтнинг ўзида уларга идентификация рақамини (ИНН) тақдим қилишмоқда.

Солиқ ташкилотидан рўйхатдан ўтиб, кредит расмийлаштирилгандан кейин ёш тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш маркази ва Халқ банки ходимлари томонидан меҳнат дафтарчаси ва жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақами (ИНПС) берилмоқда.

Шундай қилиб, бир битирувчининг тадбиркорга айланиши ва керакли кредитга эга бўлиши учун бир соатдан ҳам кам вақт сарфланмоқда. Янада батафсилроқ сўз юритадиган бўлсак, битирувчи ўзига яхши таниш ва қадрдон бўлган таълим муассасасига паспорт, диплом ва албатта, пухта ўйланган бизнес ғояси билан келиб, қисқа фурсатда ўз бизнесини рўйхатдан ўтказиши, меҳнат дафтарчаси, солиқ тўловчи идентификация рақами (ИИН), жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисоб рақами (ИНПС)га эга бўлиши ва энг муҳими, тижорат банкларидан атиги 3 дан 9 фоизгача бўлган уч йиллик кредитни ҳам қўлга киритиши мумкин.

Тасдиқланган режага кўра “Шахсий бизнес бошлаш учун очиқ эшиклар куни” Тошкент шаҳрида қуйидаги саналарда ўтказилади:
4-5 август – Сергели туманида;
6-7 август – Учтепа туманида;
7-8 август – Бектемир туманида;
11-12 август – Юнусобод туманида;
13-14 август – Мирзо Улуғбек туманида;
15-17 август – Миробод туманида;
17-18 август – Шайхонтоҳур туманида;
19-20 август – Олмазор туманида;
21-22 август – Яккасарой туманида;
24-25 август – Яшнаобод туманида;
26-27 август – Чилонзор туманида.

Очиқ эшиклар кунлари соат 9:00дан 17:00га қадар давом этади.