Ўзбекистон хорижий инвесторга минерал ўғитлар ва дефолиантлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Фарғонаазот” АЖнинг 48,08 фоиз акциясини сотмоқда. Корхонанинг 51 фоиз акцияси “Ўзкимёсаноат” ДАК ихтиёрида қолади.

Корхона берган маълумотларга кўра, аммиак ишлаб чиқариш линиясининг йиллик қуввати 400 минг тонна, азот кислотаси – 360 минг тонна, аммиак селитраси – 450 минг тонна, карбамид – 330 минг тонна, хлорат натрий – 6,5 минг тонна, хлорат-магнийли дефолиант – 30 минг тонна, целлюлоза диацетати – 15 минг тонна, целлюлоза триацетати – 27 минг тонна, ацетат ипи 6,6 минг тоннани ташкил қилади.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 65 фоизи Жанубий-шарқий Осиё, БАА ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Review.uz порталининг маълум қилишича, охирги 5 йил ичида корхонанинг товар кўринишидаги маҳсулоти ҳажми ўртача 9,4 фоизга ошди. Бу давр мобайнида корхонанинг даромадлари 2 марта ошди.

2015 йилда ишлаб чиқариш ўсиши 2014 йилга нисбатан 8,3 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунда 1,1 млрд сўм миқдорида соф даромад олиш билан маҳсулотлар савдосидан олинадиган даромадлар 485,9 млрд сўмни ташкил килиши кутилмоқда.