Қарши шаҳридаги “Қарши марказий буюм савдо комплекси” ОАЖ бошқаруви раиси Нигматулла Салямов жамиятга тегишли йирик миқдордаги пулларни ўзлаштирганликда ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.
Жамиятнинг молиявий-хўжалик ишлари тафтиш қилинганда Салямов бош ҳисобчи Т. Раҳматов билан шерикчиликда 2013 йилда тушган 91 млн сўмлик тушумни яширгани, ялпи тушумдан маҳаллий бюджетга 50 фоиз тўлов бўйича тўланиши лозим бўлган 36 млн сўм, пенсия жамғармасига 1 млн сўм, жами 38 млн сўмдан ортиқ солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлиги аниқланди.
Шунингдек, гуруҳ аъзолари фуқаролар томонидан молиявий ёрдам сифатида жамиятга тўлаб берилган 260 млн сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиргани аниқланди.
Бозор ҳудудида амалга оширилган қурилишлар бўйича йўл қўйилган қонунбузарликларда эса Салямовга жамиятнинг қурилиш бўйича мутахассиси А. Жуманов ва “Алп” МЧЖ раиси А. Шомировлар шериклик қилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар ва Муборак туман судлари Н. Салямов, Т. Раҳматов, А. Жуманов ва А. Шомировларга тегишли жазони белгилади.