Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида жойлашган “Мурувват” болалар интернат уйида “Ораста қизлар” кўрик танлови бўлиб ўтди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, танлов иштирокчилари билағонлик, бичиш тикиш, куйлаш, сўзлар, шеър ва насрий матнларни ифодали ўқиб бериш ва саҳна асарини ижро этиш шартлари бўйича ўзаро баҳс олиб боришди.

Саккиз нафар иштирокчининг ҳар бири ўз олдига қўйилган барча шартларни аъло даражада бажариб, олқишларга сазовор бўлишди. Айниқса, “Андижон полкаси”ни маҳорат билан ижро этган иштирокчи ёки ижтимоий ҳаёт қиёфаси акс этган саҳна асарини ижро этган бошқа қатнашчининг чиқишлари юқори балларга баҳоланди.

“Нима учун болалар “Мурувват” уйига тушиб қолади” деб номланган саҳна асарини кўпчилик кўзидаги ёши билан томоша қилишди. Унда ёшларнинг нодонлиги ва эҳтиётсизликлари сабабли болалар интернат уйлари тушиб қолаётгани, давлатимиз эса тарбиячилар қиёфасида болаларни ўз бағрига олаётгани маҳорат билан акс эттирилди.