Россиялик машҳур жангчи, аралаш турдаги кураш бўйича жаҳон чемпиони Фёдор Емельяненко Кисловодск кўчаларида эҳсон сўраб турган ногирон қиз билан биргаликда суратга тушиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ушбу воқеа ҳақида Яна исмли қизнинг ўзи “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳикоя қилиб берди.

Айтилишича, Яна Кисловодск боғида ногиронлик аравачасида ўтирган. Унинг бўйнига “Орзуларим учун пул тўпламоқдаман” деган ёзув туширилган тахтача осилган.
“Ёнимдан икки киши ўтиб кетди: эркак ва 16-17 ёшли қиз. Қиз менга пул берди, эркак эса шунчаки қараб қўйди. Унга қараганимда, кўзимга сароб кўрингандай бўлди. Бу Фёдор Емельяненко эди... Улар менга табассум қилишди, сўнг ўтиб кетишди. Мен ундан дастхат сўрамаганимдан қаттиқ пушаймон бўлдим”, – деб ёзади Яна.

Аммо кейинроқ Емельяненко қизи билан яна шу ердан ўтишган. Яна машҳур жангчидан дастхат сўраган. Дастхат бергандан сўнг Емельяненко қизга бирга суратга тушишни таклиф қилган. Икковлон ногирон қизнинг телефонида суратга тушишган.
Муҳокама иштирокчилари жаҳон чемпионлиги мартабасига қарамай, Емельяненконинг инсоний қиёфани йўқотмагани, барча инсонларга яхши муносабат кўрсатишга ҳаракат қилишини мақтовга сазовор деб топишди.