Японияда фотограф кадридан қочишга ёрдам берадиган кўзойнак яратилди

Технология 11 Август 2015 2859

Япониянинг Миллий информатика институти олимлари махсус кўзойнак яратишди. Маҳаллий ОАВда таъкидланишича, у туфайли фотокамера объективи автоматик тарзда инсон юзида фокус жамлай олмайди.

Бундай натижага кўзойнак линзалари ясалган махсус материал туфайли эришилади. Бундан ташқари, линза нотекис бўлиб, бир қанча бурчакларга эгадир.

Шу тариқа, фотокамер объективлари инсон юзига фокус ололмай, уни фон унсури сифатида қабул қилади. Синов давомида янги кашфиёт замонавий техникани 90 фоиз вазиятда “лақиллата” олди.

“Бизнинг Privacy Visor номли маҳсулотимиз бундай технология қўлланган дунёдаги биринчи ишланмадир. Ташқи қиёфа инсоннинг ўзига хос гувоҳномаси, шахсини тасдиқловчи ҳужжатдир. Уни ҳимоя қилиш усули бўлиши керак”, – деди институт профессори, тадқиқотчилар гуруҳи аъзоси Исао Этидзен.

Шу билан бирга, ишланма жамоат хавфсизлигини таъминлашда айрим муаммолар келтириб чиқариши мумкин, негаки ушбу кўзойнакни кийган одам амалда камералар учун “кўринмас инсон”га айланади.

Бундан ташқари, кўзойнак кўриш майдонини бирмунча қисқартиради. Шунингдек, уни таққан ҳолда машина ҳайдаш автоҳалокат келтириб чиқариши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар