“ИШИД” террорчилик гуруҳи билан ҳамкорлик қилишини таъкидлаётган хакерлар бир неча бошқармаларда ишлайдиган америкалик ҳарбийларнинг исмлари, телефон рақамлари, манзиллари ва электрон почталарига паролларга кира олишганини маълум қилишди. Бу ҳақда NBC News маълум қилди.

Киберхавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Flashpoint Intelligence компанияси кибержиноятчилар эълонининг ҳаққонийлигини тасдиқлай олмаслигини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам худди шундай изоҳ берди. Вазирлик вакиллари ходимлар хавфсизлиги ҳали ҳам устувор эканини маълум қилдилар.

Хакерлар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбий-денгиз кучлари, НАСА, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларидаги порт хизматлари ходимларининг шахсий маълумотларини қўлга киритганлари ҳақидаги хабар “ИШИД” билан ҳамкорлик қилишда гумонланувчи Абу Ҳусейн ал-Британи (ҳақиқий исми Жунайд Ҳусейн)нинг твиттердаги аккаунтида пайдо бўлди.

Бу хабардан кейин Ал-Британининг аккаунти тўсиб қўйилди. У ўзи тақдим қилган маълумотлар қанчалик янгилиги ва ҳозирда долзарбми-йўқми эканлигига аниқлик киритмаган. Ал-Британи ушбу маълумотни қуйидагича изоҳ билан чоп этди: “Биз уларнинг қирғин қилиш рўйхатларида бўлсак, улар бизникида бор”. Express британ газетасининг ёзишича, гап 1,4 мингдан кўпроқ америкалик ҳарбий ҳақидаги маълумотлар ҳақида кетмоқда.