Актриса Анжелина Жоли Афғонистонни Толибонлар бошқарган давр ҳақида сўзловчи “Боқувчи” (The Breadwinner) анимацион фильмининг ижрочи продюсери вазифасини бажаради.

Картина асосини канадалик ёзувчи Дебор Эллиснинг шу номдаги романи ташкил этади. Мультфильм 2017 йили саҳна юзини кўради, дея хабар берди Deadline.
Фильм сюжети Парвона исмли 11 ёшли афғон қизининг отаси Толибонлар томонидан ҳибсга олинганидан сўнг ўзини ўғил бола сифатида кўрсатиб, оиласини боқиши тарихи асосига қурилган.

“Парвона сингари миллионлаб қизлар жабр-зулм остида вояга етиб, мураккаб шароитларда оиласининг яшаб қолишига ёрдам бермоқда. Бу тарих улар ҳақида эслатиши лозим. Мен афғон маданиятининг бойлиги, гўзаллиги ва кучи ҳақида сўзловчи иқтидорли рассомлар билан ишлаш имкониятини синаб кўраётганимдан хурсандман”, дейди Жоли пресс-релизда.

Ирландиялик режиссёр Нора Твоми ҳамда ташкилотчилар айни пайтда қаҳрамонларга овоз бериши лозим бўлган актёрларни қидирмоқда.