Бугун Ўзбекистон Кубоги ярим финали учрашувлари ўтказилади

Спорт 12 Август 2015 2654

Бугун, 12 август куни Ўзбекистон Кубоги ярим финали учрашувлари ўтказилади. Бу босқичга Тошкентнинг 3та жамоаси "Пахтакор", "Бунёдкор", "Локомотив" жамоалари ҳамда Қашқадарёнинг "Насаф" жамоаси етиб келган.

12 август куни мамлакат кубоги ярим финали биринчи учрашувлари доирасида “Пахтакор” – “Бунёдкор” учрашуви бўлиб ўтади.

Бунгача кубок доирасида Тошкентнинг икки гранд клуби бир-бирлари билан беш бор рўбарў келишган. “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўзаро ўйинларда иккитадан ғалаба қозонган бўлсалар, битта баҳсда кучлар тенг келufy. Тўплар фарқи – 7:4, “қалдирғочлар” фойдасига.

“Пахтакор” ва “Бунёдкор” кубок доирасидаги биринчи бор 2007 йилги мамлакат кубогининг финалида куч синашишган. Ўзбек футболи тарихида “лой жанги” номи билан эсда қолган ушбу баҳсда пенальтилар сериясида “пахтакорчилар” ғалаба қозонишганди. Орадан бир йил ўтиб, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” яна кубок финалида учрашишди. Бу сафар “қалдирғочлар” 3:1 ҳисобида ғолиб чиқишди. 2009 йилда ҳам ҳал қилувчи финал бу икки жамоа ўртаси ўтди. Кетма-кет учинчи финалда “шерлар” 1:0 ҳисобида устун келишди. Шундан кейин 2012 йилги кубок баҳсларининг ярим финали яна принцпиал рақибларни учраштирди. “Жар”даги баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, “Пахтакор” майдонида кечган жавоб учрашувида “Бунёдкор” ғалаба қозона олди – 3:1.

2015 йилги мамлакат кубоги ярим финали доирасидаги биринчи баҳс мезбонлиги қуръага кўра, “Пахтакор” жамоасига насиб этди. Баҳс 12 август, чоршанба куни “Пахтакор” марказий стадионида соат 19:00да бошланади. Учрашувни Виктор Серазетдинов бошчилигидаги пойтахтлик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боришади.

Шунингдек, бугун "Насаф" "Локомотив" билан баҳслашади. “Насаф” кетма-кет бешинчи Ўзбекистон кубоги ярим финалида иштирок этади. 2011 йили “Насаф” ярим финалда “Бунёдкор”ни, 2012 йил “Бухоро”ни, 2013 йил “Пахтакор”ни мағлуб этиб, финалга йўл олган эди. Ўтган йили ҳам қаршилик футболчилар кубок ярим финалида иштирок этиб, икки ўйин натижасига кўра “Бунёдкор” (0:1, 1:1) финалга йўл олганди. Бу йил “Насаф” кубок ярим финалида илк марта “Локомотив” билан тўқнаш келади. Бу икки жамоа илгари мамлакат кубогининг ушбу босқичида ўзаро куч синашишмаган.

“Насаф” ярим финалга қадар биринчи лига вакиллари “Оқтепа” ва “Пахтакор-2” жамоаларини таслим этган бўлса, темирйўлчилари нимчорак финалда “Навбаҳор”, чорак финалда “Металлург”ни мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди.

Эслатиб ўтамиз, “Насаф” – “Локомотив” баҳси 12 август куни соат 19:30да “Марказий” стадионда бошланади. Соат 22:10дан бошлаб ўйин видеоёзуви “Спорт” телеканали орқали эфирга узатилади.

Ўйинга Х. Рўзиев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси тайинланган. Назоратчи ҳакам эса Д. Роман.

Кўпроқ янгиликлар