Лотин америкалик ёзувчи, Нобель мукофоти лауреати Габриэль Гарсиа Маркеснинг кремация қилинган ҳоки Мексикадан ватани Колумбияга қайтарилади, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Ёзувчининг ҳоки солинган идиш Колумбиянинг Боливар штати ҳукумати ва Маркеснинг қариндошлари ўртасидаги келишувга кўра Картахена шаҳри тарихий марказидаги ибодатхонада ўрнатилади.  

Картахена шаҳри билан ёзувчини кўп хотиралар боғлайди. Ушбу шаҳар ёзувчининг энг оммабоп романларидан бири – “Вабо пайтидаги севги” асаридаги воқеа жойи ҳисобланади. Маркеснинг оиласи ҳанузгача бу шаҳарнинг соҳилбўйида жойлашган уйга эгалик қилади.  

Габриэль Гарсиа Маркес 2014 йилнинг 17 апрелида 87 ёшида Мехикода вафот этди. Ёзувчи бу шаҳарда 30 йиллик умрини яшаган. Ёзувчининг дафн маросими Мексика ҳукумати томонидан ташкиллаштирилган эди.

Ёзувчи 1960-йиллардаги Лотин Америкаси “адабиёт феномени”нинг муҳим шахсларидан бири ҳисобланади. Унинг ижодига мансуб “Танҳоликнинг юз йили” ва "Бузрукнинг кузи" адибнинг энг машҳур романлари ҳисобланади.