Ҳиндистон ҳукумати Maggi бренди остида сотилган лапша туфайли Швейцариянинг Nestle корпорацияси бўлинмаси Nestle India’дан 6,4 млрд рупий (99 млн доллар) ундириш мақсадида судга шикоят аризасини топширди. Ушбу макарон маҳсулоти унда қўрғошин моддаси борлиги туфайли соғлиқ учун хавфли деб топилди, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

Nestle India устидан даъво аризаси Ҳиндистон истемолчилар масалалари бўйича вазирлиги томонидан топширилди. Вазирлик компанияни озиқ-овқат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаганликда айбламоқда. Хавфли маҳсулот бешта штатда аниқланган.

Ўз навбатида АҚШ, Буюк Британия ва Канада регуляторлари ҳам Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Maggi лапшасини текширдилар, бироқ унда ҳеч қандай қўрғошин излари борлигини аниқламадилар. Мутахассисларнинг фикрича, Nestle Ҳиндистоннинг тез тайёрланувчи лапша бозорининг 60 фоизидан кўпроғини назорат қилади.

Июнь ойида Nestle 50 млн долларлик Ҳиндистонда оммалашган Maggi лапшасини йўқ қилиши маълум қилинганди.