Москванинг Нагатинск суди “Тануки” тармоғи ресторанларидан бирида оммавий тўполон уюштирган 12 нафар чеченистонликни қўлга олишга кўрсатма берди. Кузатув камераларида қайд қилинмаган 2 нафар гумондор тезда озод қилинди.
6 август куни бир гуруҳ чеченистонликлар ресторанда жамоа бўлиб ўтиришган эди. Соат 23:0да уларнинг аксарияти бинони тарк этган, аммо улардан бири ресторан ходимлари билан талашиб қолиб, жанжал кўтарган. “РосБалт” агентлигининг маълум қилишича, Идрисов исмли айбланувчи ресторан қўриқчилари билан талашиб қолиб, уларга қарата ўқ узган. Идрисовни тинчлантириш учун ходимлардан бири унинг бошига това билан урган, бунинг натижасида жабрланувчи шифохонага ётқизилган.
Идрисовнинг дўстлари тезда ёрдамга етиб келиб, бейсбол таёқлари ёрдамида икки нафар қўриқчини калтаклашган. Шунингдек, уларнинг қўлларида иккита тўппонча ва автоматик қурол бўлгани айтилмоқда.