Непаллик талаба Пускар Непал Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бунинг учун у 1 дақиқа ичида бошига ўз оёғи билан 134 марта зарба берган. Бу ҳақда 11 август куни Metro нашрида хабар ёзилган.

Нашрда ёзилишича, талаба рекордлар китобига ўтган ҳафтада киритилган, бироқ у рекорд учун ҳаракатни ўтган йилнинг декабрь ойида амалга оширган.

"Мен рекордлар китобига киришни жуда истардим. Мен бир неча йил олдин шундай ҳаракатни амалга ошириш орқали бунга эришиш мумкинлигини билиб қолгандим. Мақсадимга эришиш учун шу йўодан боришга қарор қилдим", дейди Непал.

Рекордчининг сўзларига кўра, у рекорд ўрнатишга тайёрланиш босқичида 7-8 ой давомида оғир машғулотларни бажарган.

"У кунига бир неча соат машқ қилиб, икки оёғи билан бошига зарба бериш техникасини ўзлаштирган", дейилади The New York Post хабарида.

Унинг машқ жараёнини доимий равишда қариндошлари ва дўстлари кузатиб боришган ва унинг хавфсизлиги ҳақида қайғуришган.

Ушбу ёш йигит энди Непалнинг қишлоқ ҳудудларидаги камбағал аҳоли учун нимадир қилмоқчилигини маълум қилган.

Маълумот учун, бунгача рекорд америкалик Жоэл Лейндекерга тегишли эди. Унинг натижаси 1 дақиқа ичида бошига оёғи билан 127 марта зарба бериш бўлганди.