Ўзбекистон Оролнинг қуриб қолган тубида ўрмонзор яратишга 100 млн доллар ажратади.
Орол фожиаси аллақачон жаҳон миқёсидаги экологик муаммога айланган. Минтақадаги вазиятни ўнглаш борасида ўнлаб ташкилотлар фаолият юритмоқда, минтақа ва жаҳон давлатлари турли лойиҳаларга маблағ ажратиб келмоқда.
Экспертларнинг фикрича, кўлнинг қуриб қолган тубида кўчатлар ўтказиш, дарахтзор ва ўрмонзорлар яратиш ерни мустаҳкамлашга ва экологик вазиятни бир қадар барқарорлаштиришга ёрдам беради.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2013-2017 йилларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш дастурига асосан Оролбўйи минтақасини соғломлаштириш кўзда тутилган. Чўллашишни тўхтатиш ва микроиқлим яратиш мақсадида у ерга кўплаб кўчатлар экилиши режалаштирилган. Лойиҳага 89.39 млрд сўм, 1 635.55 млн доллар ва 57.63 млн евро ажратилади.

Қорақалпоғистон ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан 1989-2012 йилларда кўл тубининг 247 459.8 га ҳудудида ўрмонлар яратилган. Шунингдек, бошқа бир қатор ташкилот ва идоралар ҳам маълум участкаларда кўчатлар ўтказиш билан шуғулланиб келмоқда. Аммо бу борадаги ишлар ҳали яна давом эттирилиш кўзда тутилмоқда.