Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган тажриба майдонларида бир йилда 7 метргача ўсган дунёда энг тез ўсадиган дарахт - павловния экилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

2012 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан Буюк Британиянинг Кембриж университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Юқори технологиялар ўқув-тажриба маркази олимлари ишлаб чиққан инновацион лойиҳа асосида павловния дарахтининг сунъий уруғлари «in vitro» усулида етиштирилиб, кўпайтирилмоқда.

Павловния ёғочи тез қурийди, жуда енгил. Қиёслаш учун – эман дарахти ёғочининг бир куб метри ўртача 850 килограмм, қарағайники 482 килограммни ташкил этса, павловнияда бу кўрсаткич кўпи билан 282 килограммга етиши мумкин. Мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар фойдаланиш мумкинлиги туфайли павловния ёғочидан шифт, эшиклар, жавон, стол ва стуллар тайёрлашда кенг қўлланилади.

Ёғоч таркибида сув миқдори ва ёниш хавфининг камлиги уни автомобилсозлик, самолётсозлик ва кемасозлик сингари йирик саноат тармоқларида истиқболли хом ашёга айлантирмоқда. Хусусан, халқаро амалиётда автомашиналар салонида павловния ёғочидан фойдаланиш афзал кўрилмоқда.

Пеллетлар ёниш жараёнида ўзининг тежамкорлиги ва юқори иссиқлик самарадорлиги билан ажралиб туради. Павловния пеллетлари эса ёндирилганда ҳавога карбонат ангидрид ҳамда олтингугурт миқдори бирмунча кам чиқади. Ҳаводаги намликни ўзига тортиб олмайдиган бундай қаттиқ ёқилғининг юқори иссиқлик ўтказувчанлиги вақт ўтиши билан ҳам камайиб кетмайди.

Дарахт наинки ўтин ёки ёғоч сифатида, балки ернинг ҳолатини яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чуқур илдиз отадиган павловния ердаги нитрат, оғир металл ва бошқа элементларни ютиб, ернинг таркиби яхшиланишига хизмат қилади. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда унумсиз ерларда павловния плантациялари барпо этилаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Павловниянинг йирик барглари жониворларни озуқа билан таъминлашда қўл келади. Унинг таркибидаги азот, темир, рух, марганец сингари 8 аминокислота ва микроэлемент уй ҳайвонларининг ўсишини таъминлайди.

Дарахтнинг барг ва гулларини бронхит, йўтал каби касалликларни даволашда қўллаш мумкин. Меваси қон босимини пасайтиришга ёрдамлашади. Гулларининг хушбўйлиги атир-упа ишлаб чиқарувчиларнинг диққатини тортмоқда.

Павловния енгил, шаффоф ва хушбўй асали билан ҳам ном қозонган. Бир неча ойлик гуллаш мавсумида битта асалари оиласи 10-15 килограмм нектар йиғиши мумкин. Бу асал хуштаъмлиги баробарида ўпка ва нафас олиш тизимлари касалликларини даволашда, ўт қопи, жигар ва овқат ҳазм қилиш аъзолари ишлашини яхшилашда катта аҳамиятга эга.