Change.org сайтида санкция рўйхатига киритилган маҳсулотларнинг йўқ қилинишига қарши 350 минг нафардан зиёд россиялик овоз берган. Ушбу ташаббус муаллифлари қарорга ўзгартиш киритиб, маҳсулотларнинг мамлакатдаги кам таъминланган оилаларга тарқатилишини таклиф қилмоқда.

“Биз нима учун фахрийлар, нафақахўрлар, ногиронлар, кўп болалилар, табиий офатлардан азият кўрганлар ва бошқа эҳтиёжмандларни таъминлаш мумкин бўлган Европа маҳсулотларини йўқ қилишимиз керак?” дея ўз норозилигини билдирди лойиҳа ташаббускорларидан бири.

Ушбу петиция Россия президенти Владимир Путин ва Давлат Думасига йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда 2015 йил 6 август куни санкцион маҳсулотларни йўқ қилиш тўғрисидаги президент қарори кучга кирган эди. Биринчи куннинг ўзида мамлакатда 250 тонна мева-сабзавот ва пишлоқ маҳсулотлари йўқ қилинди.

Россия қишлоқ хўжалиги назорат идораси бу каби маҳсулотлар ҳар куни йўқ қилиниши, ушбу иш “ҳар қандай усул билан” амалга оширилишига ваъда бермоқда.