"Сэндай" АЭС реакторлари ишга туширилгани боис японияликлар норозилик намойишига чиқишди

Жаҳон 12 Август 2015 1539

100 нафардан зиёд киши "Сэндай" АЭС дарвозаси қаршисида ҳукуматнинг "Фукусима-1" АЭСдаги авариядан сўнг биринчи маротаба реакторларни қайта ишга туширганига норозилик рамзи сифатида намойишга чиқишди. Бу каби норозилик намойиши Япония пойтахтида ҳам бўлиб ўтди.

Кутилганидек, "Сэндай" АЭСнинг биринчи реакторида кун охирига бориб ўз-ўзини қўллаб-қувватловчи мустаҳкам занжирли реакциялар бошланиб, реакторнинг муваффақиятли ишга тушганидан далолат берди. Дастлабки электр энергияси эса 14 август куни ишлаб чиқарилади. Шундан сўнг электр ишлаб чиқариш босқичма-босқич кўпайтириб борилади ва илк тижорий қувват сентябрь ойидан жойларга етказила бошланади.

Шу муносабат билан "Сэндай" АЭС бош дарвозаси қаршисида станцияларнинг ишга туширилишига қаршилик белгиси сифатида “Хавфли АЭСлар керак эмас”, “Сиз “Фукусима”ни унутдингизми?”, “Қайта ишга туширишни тўхтатинг” қабилидаги ёзувларни кўтариб олган 100 чоғли намойишчилар жам бўлишди. Дарвозани эса 80 нафар полициячи қўриқлаб турди.

Намойишчилардан бири NHK телеканалига интервью берар экан, “Фукусима”га қаранг. Ундан кейин ҳеч қандай қайта ишга тушириш мумкин эмас. Бунга йўл қўйиб бўлмайди”, деди.

“Жудаям ачинарли. Улар нима қилаётганини билаяптимикин, шуни сўрашни жуда ҳам хоҳлайман”, дея қўшимча қилган бошқа намойишчи.

Айни шу дамда, Киодо ахборот агентлигининг хабар беришича, Сацума-Сэндай шаҳрининг савдо кўчасида қайта ишга тушириш тарафдорлари ҳам жам бўлишган. Улар атом энергетикасининг мамлакат иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатишини илиқ қарши олишди.

Шу билан биргаликда, Япония парламенти биноси қаршисида ҳам 150 нафарга яқин “Хайр АЭС! 10 миллионлар акцияси” ташкилоти аъзолари ҳам жамланишди. Улар барча атом электр станцияларини бузиб ташлаш ва мамлакатда атом энергетикасидан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилишди.

Эслатиб ўтамиз, "Фукусима-1" АЭСдаги аварияга қадар атом энергетикаси Япониянинг электр энергиясига бўлган талабини 30 фоизга қоплаб келган. Авария чоғида кўп миқдордаги радиация сув ва ҳавога чиқариб юборилгани боис айни пайтда ҳам станция яқинидаги айрим ҳудудлар яшаш учун яроқсиз ҳолда. Бугунги кунда эса Япониядаги 13та АЭСнинг 20та реактори текширувдан ўтказилиб, уларнинг 2013 йил ёзида ўрнатилган янги хавфсизлик стандартларига мослиги ўрганилмоқда. "Сэндай" АЭС биринчи реакторининг янги хавфсизлик талабларига мос эканлиги эса ўтган йили мамлакат бош атом назоратчиси томонидан тасдиқланган эди.

Мамлакат тўлиқ атом энергетикасисиз қарийб икки йил – 2013 йилнинг сентябрь ойидан буён яшаб келмоқда.

Кўпроқ янгиликлар