Ижтимоий тармоқдаги “Жамоатчилик назорати” гуруҳига Тошкентдаги Ибн Сино мавзеси-2 ҳудудида маиший чиқиндиларнинг ёниб тутаётгани ва яқин атрофдаги хонадонлар аччиқ тутунга тўлаётгани ҳақида хабар келиб тушди.

Хабар қолдирган иштирокчининг сўзларига кўра, чиқинди 29 июлдан буён ёнмоқда. Бу вақт оралиғида аҳоли томонидан шаҳар ва туман ҳокимиятига маълум қилинган ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига шикоят қилинган.

Uz24.uz нашрининг ёзишича, бу мурожаатлардан натижа бўлмаган.

Маълум қилинишича, шу тутун чиқаётган жойдан 50 метрлар нарида Ёнғин хавфсизлиги хизматининг идораси мавжуд бўлиб, улар бу ҳолатга ҳеч қандай чора кўрмаган.

Хабар муаллифи мазкур ҳолатнинг яқин атрофдаги уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсирини таъкидлаб, ўзининг хонадони ҳам тутунга тўлгани ва бундан икки ярим ёшли фарзанди қаттиқ йўталаётганини айтган.