Тез тайёр бўлувчи таомлар тармоғига эга KFC тамаддихонаси хитойлик мижозларини товуқли пуштиранг бургерлар билан сийлашни йўлга қўйди. UPI манбасининг хабар беришича, товуқ ва чўчқа гўштидан тайёрланган қора рангдаги бургерлар ҳам тайёрланаяпти.

Nanfang нашрининг аниқлаштиришича, бундай бургерларнинг нархи 17,5 юань бўлиб, тахминан 4 долларни ташкил этади.

Сўнгги вақтларда KFC янги мижозларга эга бўлиш умидида ноодатий таомларни тақдим этмоқда. Бунга тармоқ савдоси сўнгги тўрт йил ичида мунтазам тушиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу йилнинг ўтган чоракларидаёқ компания даромади 10 фоизга камайган.
Шу боис KFC Хитойда Европадаги тармоқларига хос бўлмаган таомларни тез-тез савдога чиқармоқда. Масалан, бундан аввалроқ ресторанда қайнатилган гуруч ва Марказий Америка халқлари миллий таоми ҳисобланган тортилья (лавашга ўхшаш таом) ҳам тайёрлана бошлаганди.

Қора бургерлар эса илк маротаба Япониядаги Burger King ресторанлари мижозлари томонидан татиб кўрилган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида хўрандалар қора бургер нони ва шу рангдаги пишлоқнинг мазасига баҳо беришган эди.