Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 2016 йили ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси мусобақалар жадвалини тасдиқлади.

Унга кўра сузиш мусобақаларининг ҳал қилувчи финал баҳслари маҳаллий вақт билан соат 22:00да бошланади ва ярим тунда якунига етади. Бунга мазкур Олимпиада ўйини трансляциясини намойиш этиш хуқуқига эга бўлган Америка телевиденияси манфаатларидан келиб чиқиб қарор қилинди.

Аввалроқ бу ғоя Буюк Британия, Австралия, Венгрия, Германия каби спортнинг ушбу тури кенг тараққий этган давлатлар, шунингдек, Халқаро олимпия қўмитасининг бир неча аъзоларининг норозилигига сабаб бўлган эди. Улар финал босқчида иштирок этган спортчилар тақдирлаш маросими, допинг-назорат, тикланиш жараёни, матбуот анжумани ҳамда овқатланишдан сўнг Олимпия шаҳарчасига соат 03:00 атрофида келишларини, бу эса ўз навбатида улар истиқомат қилаётган жойда яшаётган бошқа спорт тури вакилларига ноқулайликлар келтириб чиқаришини таъкидлашган.

“Биз бу масалада ташкилий қўмита аъзоларининг фикрларини ўзгартиришга бир неча бор ҳаракат қилдик. Аммо мусобақалар Халқаро олимпия қўмитаси шафелигида ўтказилаётганлигини ҳам ёддан чиқармаслик ва уларнинг қарорини хурмат қилишимиз керак. Телетрансляциялар масаласи чиндан ҳам жуда муҳим”, – дейди Халқаро сузиш федерацияси (FINA)нинг ижрочи директори Корнел Маркулеску.

Мусобақаларнинг жуда кеч бошланиши Европанинг бир қатор телевиденияларида ҳам норозиликларга сабаб бўлди. Ўртадаги тўрт соатлик вақт тафовути натижасида сузиш бўйича мусобақаларнинг ҳал қилувчи финал баҳслари тунги соат 02:00да бошланиб, тонгга яқин тамом бўлади. Бу эса телеаудиториянинг кескин даражада камайиб кетишига олиб келиши мумкин.