Emirates авиакомпанияси 2016 йилда дунёдаги энг узоқ давом этувчи қўнишсиз рейсни йўлга қўймоқчи, деб хабар берди БААда чоп этилувчи The National нашри.

2016 йилнинг 1 февралидан бошлаб авиакомпания самолётлари Дубайдан Панамага уча бошлайди. Парвознинг давомийлиги 17 соат 35 дақиқани ташкил қилади. Рейс Boeing 777-200 LR самолётларида амалга оширилади.

Emirates авиакомпанияси ўтган йили дунёда барча авиакомпаниялардан кўра кўпроқ кенг фюзеляжли самолётлар сотиб олди. Компания ҳаво флоти умумий қиймати 5,2 млрд долларни ташкил қилувчи 27 та Airbus ва Boeing самолётлари билан кенгайди. Жорий йил охиригача авиакомпания яна тўртта йўналиш бўйича: Машҳад (Эрон), Орландо (АҚШ), Бамако (Мали) ва Болоньяга (Италияга) парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.