Афғонистон ва Ироқда амалиёт ўтаган британиялик инструкторларнинг қўшма ўқувларда намойиш этган малакаларидан Украина ҳарбийларининг кўнгли тўлмади. Бу ҳақда The Independent нашри ёзмоқда.
Украинага келган британиялик инструкторлар маҳаллий ҳарбийларни жанг майдонида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, қўлбола портловчи ускуналарни зарарсизлантириш, алоқани йўлга қўйиш, разведка маълумотларини тўплаш ва душман ҳужуми чоғида фуқароларни эвакуация қилиш сингари ишларга ўргатмоқда. Ўқувлар курсига, шунингдек, шаҳар иншоотларини ҳимоя қилиш ва ўқотар қуроллар билан бажариладиган машқлар киради.
Дастурга жалб қилинган британиялик ҳарбийларнинг аксарият қисми Ироқ ва Афғонистонда хизмат ўтаган, аммо уларнинг тажрибаси Украина ҳарбийларини ҳайрон қолдиришга камлик қилмоқда, деб таъкидлайди нашр.
Ўз навбатида, британияликлар Яқин Шарқда қўлланган тактика ва амалиёт ҳар доим ҳам Украина ихтилофига ва маҳаллий шароитларга тўғри келмаётганини тан олмоқда. Хусусан, Украинадаги ихтилофда ҳар икки томондан оғир артиллерия ва танклар қўлланмоқда.
Украинага сафари чоғида Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон йил охирига қадар машқларда қатнашаётган украиналик ҳарбий хизматчиларнинг сони икки баробарга ошиб, 2 минг кишига етишини таъкидлаб ўтди. Инструкторлар сони эса 38 кишидан 75 кишига етказилди.