Магадан сайлов қўмитаси Россия бош вазири Дмитрий Медведевга ишланган карикатураларни унинг рухсатисиз қўллаш қонунга хилоф деб топди. Бу ҳақда РБК нашри хабар бермоқда.
Айтилишича, “Справедливая Россия” партияси марказий сайлов комиссиясига арз қилиб, Магаданда тарғибот материалларида Медведевга ўхшатма қилиб чизилган суратлардан фойдаланиш тақиқланганига қарши чиққан.
Давлат Думаси депутати Александр Бурковнинг тушунтиришича, партиянинг газетасида ташқи кўриниши бош вазирга ўхшайдиган, айиқ терисини ёпинган киши тасвирланган. Сайлов қўмитаси вакиллари бу ерда айнан Медведев тасвирланган деган қарорга келиб, буни қонун бузилиши деб баҳолаган. Айбдорларни жазога тортиш, шунингдек, газета тиражини сотувдан чиқариш талаб қилинган.
Марказий сайлов комиссияси партиянинг аризасини ҳали кўриб чиқмаган.