“Арсенал” операцияси доирасида ўтказилган рейд натижасида Наманган вилоятининг Чуст туманида истиқомат қилувчи кекса ёшли фуқародан наган тизимидаги револьвер олиб қўйилди.

“У қурол сифатида қийматини йўқотган бўлса ҳам, нодир буюм сифатида аҳамиятга эга. Ушбу револьвер бир асрдан зиёд вақт муқаддам Туладаги қурол-яроғ заводида ишлаб чиқарилган”, дейди патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси катта инспектори Мирсаид Норматов.

Гарчи наган занглаб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлса ҳам, қария уни ноқонуний равишда сақлаб келгани учун жавоб беришига тўғри келади.
Бу рейд натижасида аниқланган биринчи ҳолат эмас. 1938 йилда туғилган Ҳалимахон М. исмли бошқа нафақахўр ҳам уйидаги сандиқда ов қуролини ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақлаб келгани аниқланди.

Ноқонуний қурол сақлаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят коексининг 248-модда 1-қисмига биноан энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдоридаги жарима ёки 6 йилгача шартли ишларга ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилишига сабаб бўлади.

– Ҳамма фуқаролар ҳам ноқонуний қуролларни яширишга ҳаракат қилавермайди. Йил бошидан буён 37 киши ҳужжатсиз стволли ов қуроллари, шу жумладан, қуролланишдан аллақачон олиб ташланган ва нодир қуролларни ўз ихтиёри билан топширишди, – дейди Мирсаид Норматов.