Ўзини ”оқ хакерлар” деб атовчи Калифорния университети тадқиқотчилари жамоаси масофадан туриб смс-хабар орқали Chevrolet Corvette автомобили тизимларини бошқара олдилар. Бу ҳақда Wired нашри хабар бермоқда.

Яхши ниятда хавфсизлик тизимини синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хакерлар исталган енгил ёки юк машинасини, агар уларда борт компьютерига киритиладиган тиқин-калитлар ишлатилса, бошқариш мумкинлигини аниқлашди. Бу калитдан суғуртачилар ва автомобилларда юк ташишлар билан шуғулланувчи компаниялар ёқилғи сарфининг самарадорлигини ва ўтилган масофани ўлчаш учун фойдаланишади.

“Биз шундай қурилмалардан бир нечтасини олиб, унинг дастурини кодларга бўлиб, хавфсизлик тизимида анчагина нуқсонларни аниқладик”, деб айтди жамоага раҳбарлик қилувчи, университетда компьютер фанларидан сабоқ берувчи профессор Стивен Севеж.

Тадқиқотчилар махсус ёзилган код фрагментларига эга бўлган смс-хабарни автомобилга юбориб, автомобилнинг олд ойнасидаги ойна тозалагичларни ишга тушира олдилар, машинани тормозлаш ёки у кичик тезликда кетаётганда умуман тормоз тизимини ўчириб қўйишга муваффақ бўлдилар. Тажрибада иштирок этган кўнгиллининг айтишича, борт компьютери сигнал олгандан кейин, тормоз педали исталган кучдаги босишларга жавоб бермай қолган.