Россия Олий суди тинчлик пайтида Мудофаа вазирлиги йўқотишларини махфийлаштириш ҳақидаги фармон юзасидан билдирилган шикоятни рад этди.

28 майда Россия президенти Владимир Путин давлат сирларига мансуб маълумотлар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Унга кўра бу рўйхатга Мудофаа вазирлигининг “тинчлик пайтида махсус операцияларни ўтказиш давомидаги” йўқотишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилган эди.

16 июнда адвокатлар гуруҳи Россия Олий судига президентнинг фармонига қарши даъво аризаси топширган эди.

Олий суд давлат сирига мансуб маълумотлар рўйхатига ўзгартиришлар киритувчи фармонга тузатишлар Конституция томонидан кафолатланадиган ахборотни олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини бузмаслиги ҳақидаги қарорга келган.

Олий суд йиғилишида Путиннинг вакили Олий суддан Қуролли кучлар йўқотишларини махфийлаштириш юзасидан билдирилган шикоят “бундай маълумотларни ошкор этиш давлат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги” сабаб рад этилишини сўраган эди.

Аниқланишича, тинчлик пайтида ҳарбийларнинг йўқотишларини махфийлаштириш ташаббуси бош вазир Дмитрий Медведев томонидан билдирилган.