Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фестивалда сайёрамизнинг олтмишдан ортиқ мамлакатидан санъаткорлар, мусиқашунос олимлар қатнашиш истагини билдирган. Бир қатор халқаро ташкилотлар, давлатлардан ҳам расмий меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Асосий тадбирлар ўтказиладиган Регистон майдони Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан таъмирланиб, ободонлаштирилгач, бу ерда амфитеатр ташкил этиш учун ҳар томонлама қулай шароит ва имкониятлар яратилди. Мажмуанинг кириш қисми ва унинг атрофи, Шердор, Тиллакори, Улуғбек мадрасалари олдидаги улкан майдон бутунлай ўзгача кўриниш олди. Ҳозир майдон ўртасида аввалгилардан 25 фоиз кенг саҳна ўрнатилган ва бу ерда фестивалнинг тантанали очилиш маросимига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Саҳнагача бўлган 24 зинадан иборат супаларда томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатилади. Мажмуанинг уч мадрасасига туташиб кетган саҳна амфитеатрнинг барча тарафидан яққол кўзга ташланади.

Бу йилги фестиваль олдидан Регистон мажмуаси ва амфитеатрни ёритиш тизими ҳам энг сўнгги русумдаги технологиялар асосида бутунлай янгидан яратилмоқда. Германиянинг «Adhoc» компанияси ва «Тошшаҳарнур» корхонаси мутахассислари томонидан асосий юмушлар бажарилиб, замонавий ёритиш воситалари ўрнатилмоқда. Мазкур янги тизим асосидаги ёритиш жараёни ва ранглар шоуси иккита катта мониторда 3D форматда намойиш этилади. Бу ҳақда "Телеграф.уз" нашри хабар берган.

Бундан ташқари, мажмуадаги Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасаларида ҳам реставрация ишлари амалга оширилди. Фестиваль кунлари бу масканларда миллий мусиқа асбоблари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, тарихий либослар кўргазмалари ташкил этиш, иштирокчилар билан ижодий учрашув ва мулоқотлар ўтказиш эътиборга олиниб, зарур жиҳоз ва техник воситалар келтирилди.

Шаҳарни фестивалга оид панно ва баннерлар, кўргазмали воситалар билан безатиш, тунги чироқлар ва иллюминация воситалари ўрнатиш, гул кўчатлари ўтқазиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзали, Регистон, Даҳбед, Бўстонсарой, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Беруний кўчалари, Университет хиёбони, Кўксарой майдонида бу борада белгиланган юмушлар бажарилди. Шаҳардаги бекатлар ва жамоат транспортига «Шарқ тароналари» рамзи акс этган баннерлар жойлаштирилди. Йўллар атрофи, боғ ва хиёбонларда салвия, райҳон, гултожихўроз, питунья, виола каби 1 миллион 250 минг дона гул кўчатидан иборат янги гулзорлар барпо этилди.