2015 йилнинг 5-7 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” анъанавий Тошкент халқаро туристик ярмаркаси ўтказилади. Тадбир ташкилотчилари “Ўзбектуризм” МК, “Буюк Ипак йўли” ташкилоти, шунингдек, Халқаро туристик ташкилот, Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти.
Жорий йилда тадбир 21-маротаба ўтказилади. Lotte City Hotel Tashkent Palace биринчи марта ярмарканинг расмий меҳмонхонасига айланади.


Ярмарка иккита экспозициядан иборат бўлади – халқаро ва миллий павильонлар. Ушбу экспозициялар Ўзбекистон ҳамда чет давлатлар туристик компаниялари учун музокара олиб бориш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш майдончаси бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар дунёнинг 8 мамлакатида фаолият юритувчи компаниялар тадбирда иштирок этишини маълум қилди. Булар сирасида Сингапур (Changi Airport Group), Ҳиндистон (India Tourism), Малайзия (Малайзия элчихонаси, Олма-Ота офиси), Доминикан Республикаси (Туризм вазирлиги ваколатхонаси), Латвия (Юрмала шаҳар думаси), Дубай (Dubai Department of Tourism and Commerce Marketing), Вьетнам (Victoria Tour and General Commercial Company Limited) бор.


Ўзбекистоннинг вакиллари эса CATS, Miran International Tashkent Hotel ва Ramada Tashkent Hotel меҳмонхоналари, Sarkor Telecom интернет провайдеридир. Бундан ташқари, вилоятлар вакиллари махсус стендлар тайёрлаб келишади.
Ярмарка доирасида халқаро конференция ўтказилади.