Яқинда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси парвоз арафасида йўловчиларнинг вазнини ўлчаш тартиби жорий қилингани ҳақида ахборот тарқатилган эди. Компания бош директори Валерий Тян жума куни ўтказилган матбуот анжуманида ушбу тартибнинг моҳиятига батафсил тўхталиб ўтди, деб ёзади "Газета.уз".

“Биз сиз билан А нуқтасидан В нуқтасига қараб учамиз. Мен учувчи сифатида тезлик ҳисоб-китобларини олишим учун менга қуйидаги маълумотлар керак бўлади: самолётнинг ёқилғи билан биргаликдаги оғирлиги ва тижорий юк... Бу самолётлар хавфсизлиги ва ишончли эксплуатацияси учун керак”, – деди у.

Шунингдек, у вазн ўлчаш жараёни қандай кечиши ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди:
“Рўйхатдан ўтиш чоғида сиздан тасмага оёқ қўйишни сўрашади. Бу ҳатто вазн ўлчаш ҳам эмас... Сиз вазнингиз ўлчанаётганини билмайсиз ҳатто. Йўловчилари ҳеч қандай ноқулайликка учрамайди, лекин биз учун бу муҳим”.

Унинг айтишича, шунга ўхшаган тартиб кўплаб авиакомпанияларда мавжуд. Бундан мақсад вазн учун қўшимча пул олиш эмас, балки учувчи аппаратнинг тижорий юки ҳақида маълумот олишдир.