Ганадан Германияга қочқин сифатида келган Офелия Адэ ўз қизига Ангела Меркель деб исм қўйди. Бу ҳақда DPA ахборот агентлиги хабар тарқатган.

"У (Германия канцлери - КУН.УЗ изоҳи) жуда яхши инсон. У менга ҳар тарафлама ёқади", деб ўз қарорини асослайди 26 ёшли аёл.

Тегишли идорада унинг қарорига эътироз билдира олишмаган.

Ангела Меркель Адэ шу йилнинг 2 февралида Ганновердаги собиқ клиника ўрнида жойлашган бошпанада туғилгани айтилган. Унинг онаси бу ерда тахминан 730 нафар бошқа муҳожирлар билан биргаликда яшаган.