Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 70 йиллиги муносабати билан мамлакатдаги 6527 маҳбусни афв этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Умумий афвга тушганлар орасида SK Group оилавий холдинги раҳбари Чой Тхэ Уон ҳам бор. Унинг рафиқаси Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ро Дэ Унинг қизи ҳисобланади. 2013 йилда тадбиркор 40 млн долларни ўғирлаганликда айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бу жазо муддати бундай даражадаги тадбиркор учун рекорд муддат бўлган эди.

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хенинг айтишича, “афв этилганлар рўйхатига киритилган бир қатор тадбиркорларнинг озод этилиши мамлакат дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш, иқтисодиётни кўтариш ва янги ишчи ўринларни яратиш учун зарур”.