Микрофирма ва кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари жорий қилинмоқда

Ўзбекистон 14 Август 2015 4549

Бугунги кунда Ўзбекистонда микрофирма ва кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этишни рағбатлантириш мақсадида кўплаб солиқ имтиёзлари берилган, деб хабар қилади Солиқ қўмитаси.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 159-моддасига мувофиқ, юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси ёш оилалар аъзолари томонидан уй-жой олиш учун олинган маблағлар суммасига камайтирилади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 356-моддаси билан ягона солиқ тўловининг солиқ солинадиган базаси ёш оилалар жумласидан бўлган ходимларга ипотека кредитлари бўйича бадаллар тўлашга ва (ёки) мулк қилиб уй-жой олишга текин йўналтирилган маблағлар суммасига, лекин солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 10 фоизига камайтирилиши назарда тутилган.

Солиқ кодексининг 375-моддасида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилиши белгиланган. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора тадбирлар тўғрисида» ПФ-4232-сонли Фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш, ёшларни, авваламбор касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Фармон билан микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республиканинг касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нормативдан кўпи билан 50 фоиз оширилганда, уларда имтиёзлар сақланиб қолиши белгилаб қўйилган. Бунда ходимлар сонининг оширилишига Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган тақдирдагина йўл қўйилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан бир қатор имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди.

Кўпроқ янгиликлар