Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-полиграфия ижодий уйи ўзбек ва жаҳон адабиёти вакилларининг ижод намуналарини ўзида бирлаштирган “Мактаб адабиёти хрестоматияси”ни чоп этишни бошлади. Ундан 5-9-синфлар мактаб дастурига киритилган муаллифларнинг асарлари жой олади. Асарлар хронологик тартибда берилади.

“Хрестоматиянинг устунлиги шундаки, бу, биринчидан, дарсликларга кирган ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди билан батафсил танишув, иккинчидан мактаб ўқувчилари учун қўшимча адабиёт, у орқали болалар керакли ижодкорнинг асарлари билан чуқурроқ таниша олади”, – деди нашриёт бош муҳаррири Илҳом Зоиров.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, хрестоматия тарикибига кирган асарлар сентябрдан китоб дўконларида сотила бошланади.